Италия ҳукумати мамлакатнинг марказий қисмида 24 августда юз берган кучли зилзила оқибатида вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш учун умумий ҳисобда 4,5 млрд евро ажратмоқчи. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Хусусий биноларни тиклаш учун 3,5 млрд евро ва давлат муассасалари биноларини тиклаш учун 1 млрд евро ажратилади", деб айтди Италия вазирлар кенгаши девонхонаси вазири ўринбосари Клаудио Де Винченти матбуот-анжуманда.   
Де Винчентининг айтишича, бу маблағлардан 300 млн евро тиклаш ишларини зудлик билан бошлаш учун энг тез фурсатда ажратилади.

Италияда 6,0 магнитудали зилзила 24 августга ўтар кечаси юз берган, мамлакатнинг Лацио, Марке ва Умбрия вилоятларида вайронагарчиликлар қайд этилган. Зилзила Рим, Флоренция ва Болонья шаҳарларида сезилиб турган.

Охирги маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 298 киши ҳалок бўлган, бир неча юзлаб киши жароҳат олган, 3 мингдан кўпроқ киши бошпанасиз қолиб кетган.