"Навоий" аэропорти базасидаги халқаро логистика маркази яқин кунларда қабул қилинаётган юк рейслари сонини камида икки баробар оширади. Бу ҳақида бугун 12 октябрь куни Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов XII Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилишида маълум қилди. 

"Ўзбекистон хорижлик ҳамкорларига товарларни ташиш учун қулай механизмни ташкил қила олади. Мамлакатнинг қулай жойлашуви ҳам "Навоий" аэропорти базасида янги халқаро интермодаль марказ яратилишини яна бир бор тасдиқлайди. У ерда ҳар ҳафтада 21 юк рейси қабул қилинади. Биз яқин вақт ичида унинг ҳажмини камида икки баробарга оширишни режалаштиряпмиз", - деди Рўзиқулов. 

"Навоий" аэропорти базасида халқаро логистика марказини яратиш ҳақидаги битим 2008 йилда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ҳамда Кореянинг Korean Air компанияси томонидан тузилган. Томонлар 2014 йилда битим шартларини яна 5 йилга узайтиришган. 

Бугунги кунда "Навоий" аэропорти Евроосиёнинг асосий логистика марказлари, жумладан Инчон, Милан, Брюссель, Истанбул, Дубай, Деҳли, Тяньзинь ва бошқалар билан ҳамкорлик қилади.