McDonald's тез таомланиш ресторанлари тармоғи компания рамзи ҳисобланган масхарабоз Рональд Макдональднинг омма олдида кўриниш беришини камайтирадиган бўлди. Бунга сўнгги пайтда масхарабозлар либосини кийган кишиларнинг америкаликларга тез-тез  ҳужум қилиши сабаб бўлган. The New York Post шу ҳақида маълум қилди

"McDonald’s ва маҳаллий бозорлардаги франшизалар масхарабозлар пайдо бўлган вазиятларни яхши эслашади, шу боис улар Рональд Макдональднинг маълум бир вақт давомида жамоатчилик тадбирларида иштирок этмаслигини маълум қилади", - дейилади компаниянинг расмий сайтида. 

Бундай қарор Twitter'да танқидга учради. "Масхарабозларнинг пайдо бўлиш ҳолатлари компанияни Рональд Макдональднинг омма олдида намоён бўлишини чеклашга мажбур қилди. Ҳаётимизни шу тарзда ўзгартираётган бир вақтимизда масхарабозлар ғолиб бўлишади", - дейди ёзувчи Жон Экафф.

Номаълум масхарабозларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги хабар август ойининг охирларида тарқалди. Манбага кўра, турли штатларда одамлар болаларга пул таклиф қилиб, уларни ўрмон томонга жалб қилишга уринишган. Бу болаларнинг ўйлаб топган гапи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги версия инкор этилган, чунки масхарабозларни катталар ҳам кўришган. 

Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг маълумотларига кўра, Американинг Жоржия, Алабама ва Виржиния штатларида юқорида қайд этилган "ҳазиллар"да айбланган 12 киши қўлга олинган. Пенсильваниядаги 16 ёшли Кристиан Торреснинг ўлимини ҳам "масхарабоз ваҳимаси" билан боғлашмоқда.