Сингапур қуролли кучлари ўз ҳарбий хизматчиларини Австралия ҳудудида тайёрлайди. 12 октябрь, чоршанба куни Австралия бош вазири Малколм Тернбулл ва  Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун ўртасидаги музокаралар якунида шунга келишилди. Тернбуллнинг маълум қилишича, бунга доир битим 13 октябрь, пайшанба куни имзоланади, чунки икки мамлакат экспертлари бир қатор техник деталларни "расмийлаштиришлари зарур". Бу ҳақида ТАСС хабар берди.

"Мазкур келишувга Осиё-Тинч океани минтақасидаги кескин стратегик ўзгаришлар даврида эришилди, - деди Автралия бош вазири. - Келишув икки мамлакат қуролли кучларининг ўзаро ишонч ва чуқур ҳурматидан далолат беради". 

Австралия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, янги келишув доирасида Сингапур Таунсвилл ва Шолуотер-Бэй (Квинсленд штати)даги мамлакат ҳарбий базалари инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизациялаш дастурини молиялаштириш ишларини амалга оширади. Тахминларга кўра, Сингапур бу дастурга 2,25 миллиард доллар ажратади. Бунинг эвазига у 25 йил давомида ҳар йили 18 ҳафта бу базаларда ўзининг 14 минг ҳарбий хизматчиси билан ўқув машқларини ўтказиш имконини қўлга киритади. 

Канберрдаги музокаралар якунига кўра, томонлар савдо, таълим ва инновациялар соҳасида ҳам  алоқаларини ривожлантиришга доир битимларни имзолашни режалаштиришмоқда.

Ли Сянь Лун Сингапур тарихидаги Австралия федерал парламенти икки палатасининг қўшма мажлисида иштирок этган биринчи бош вазир бўлди. У Австралия қонунчиларига мурожаат қилар экан, ўтган йили томонлар имзолаган "Кенг қамровли стратегик ҳамкорлик" тўғрисидаги келишувнинг муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади, шунингдек Сингапур ва Австралиянинг сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларидаги умумий қарашларининг мутаносиблигини қайд этди.