Италиялик ёзувчи, драматург, режиссёр, актёр, рассом, таниқли давлат арбоби, адабиёт бўйича 1997 йилги Нобель мукофоти соҳиби Дарио Фо 13 октябрь куни Миланда вафот этди. Бу ҳақда La Stampa нашри хабар берган.

У 90 ёшда эди. Икки ҳафта олдин унинг Миландаги шифохоналардан бирига ётқизилгани маълум бўлган. 

Март ойида Фо 90 ёшлигини янги спектакль билан нишонлаган эди. У охирги дамга қадар фаоллигини сақлаб қолди. Омма ва журналистлар билан учрашиб, кўп ишлади.

Фо «Анархистнинг тасодифий ўлими», «Мистерия-буфф», «Тук-тук! Ким у? Полиция» каби пьесалари билан машҳур бўлганди. У 1997 йилда Нобель лауреатига айланган.

Қайд этиш керакки, у айнан Адабиёт йўналишида 2016 йилги Нобель мукофоти эгаси аниқланган кунда оламдан кўз юмди.

Италия бош вазири Маттео Ренци Фонинг вафоти муносабати билан унинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, бугун мамлакат маданий ҳаётнинг йирик сиймосини йўқотди.