Греция пойтахти Афина шаҳри марказида бомба портлатилган. 12 октябрь куни кечқурун содир бўлган ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган, деб хабар қилмоқда "Нафтемпорики" интернет нашри.

Қайд этилишича, портлаш маҳаллий вақт билан тунги 22:45лар атрофида Экзархиа тумани Иппократос кўчасида юз берган. 

Нашрнинг ёзишича, соат 22:20ларда номаълум кимса "Муҳаррирлар газетаси" идорасига қўнғироқ қилиб, Иппократос кўчасидаги китоб дўконига портловчи мослама ўрнатгани ва у ярим соатдан сўнг ишга тушишидан огоҳлантирган. 

Pronews.gr нашрига кўра, бомба "Элефтери скепси" ("Эркин фикр") дўконини вайрон қилган. 

ОАВ қайд этишича, портлаш жуда кучли бўлган. Таҳлилчиларнинг айтишича, портлашнинг бу шаклда амалга оширилиши ҳудуддаги анархиячиларнинг жиноятда қўли борлигини кўрсатади. Одатда улар ярим бир соат олдин газета нашрларини портлашдан огоҳлантиришади. Суриштирув ишлари олиб борилаяпти.