Биринчи европаликлар Хитойга қачон кириб келган?

Жамият 13 Октябрь 2016 6864
Фото: Travelercorner.com

Хитойлик олимлар илк европаликлар мамлакатга Марко Полодан 1,5 минг йил аввал келишгани ҳамда Терракота армияси қурилишида иштирок этишганини тахмин қилишмоқда. Бу ҳақида Британиянинг The Independent нашри маълум қилди. 

Олимлар Хитойни ягона давлат сифатида бирлаштирган биринчи император Цинь Шихуандининг қабри атрофида олиб борилган қазилма ишлари давомида қўлга киритилган археологик ва генетик маълумотларни таҳлил қилиб, юқоридаги хулосага келишди. 

Тадқиқотчилар келиб чиқиши Европадан бўлган кўплаб артефактларни топишган, хусусан, ҳозирда унутилиб кетган технология асосида тайёрланган қушларнинг бронза шакллари шулар жумласидандир. Митрохондриал ДНК таҳлили европаликларнинг Цинь Шихуанди ҳукмронлиги даврида Хитой ҳудудида бўлганини кўрсатган.

Манбага кўра, бу эрамиздан аввалги IV асрда Искандар Зулқарнайннинг юришларидан кейин Ҳиндистон ҳудудига кириб борган юнонлар бўлиши мумкин. 

"Ўйлашимизча, Терракота армияси, акробатлар ва қазилма олиб борилган жойда топилган бронза ҳайкаллар қадимий юнон ҳайкалтарошлиги ҳамда санъат асарлари намуналари асосида қурилган", - дея таъкидлайди археолог Хуан Сючжэнь.

Терракота армияси 8 мингдан ортиқ хитой жангчиси ва отларнинг тўлиқ ҳажмли ҳайкалларидан иборат мажмуадир. Ҳайкаллар мажмуаси Цинь сулоласининг биринчи императори Цинь Шихуандининг қабри ёнида жойлашган. 
 

Кўпроқ янгиликлар