Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеевнинг бугунги кунга келиб гол ура олмаётгани интернет сайтлари ҳамда газеталарда бот-бот тилга олинмоқда. Чиндан ҳам Сергеев гол уришни унутиб қўйгандек. Терма жамоа тугул, клуби сафида ҳам гол ура олмаяпти.

Игорь Сергеев айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобланади. У Хитойга кетиши олдидан олий лигада голеадор ҳужумчи сифатида кўплаб голларни уришда давом этаётганди. Бироқ унинг чин юртига йўл олиши Сергеевнинг гол уриш қобилятига таъсир қилган кўринади. Хуллас, Игорь Сергеев охирги 15та учрашув, 836 дақиқадан бери тўп кирита олмаяпти. 

У охирги маротаба 30 июнь куни "Обод"га қарши кечган учрашувда гол урганди. Ўшанда сафарда "Пахтакор" жамоаси олий лига дебютантини 4:1 ҳисобида мағлуб қилган ва голлардан бирини Сергеев йўллаганди. Шундан кейин у "Бэйжин Гуон"га йўл олганди. Сергеев бу клуб сафида 11та учрашув ўтказди. Аниқроғи, 493 дақиқа вақт давомида майдонга тўп сурган бўлишига қарамай, ҳамон чин юртидаги голлари сонини очишга эришмади. Ўзбекистон терма жамоасининг Сурия, Қатар, Эрон ва Хитойга қарши бўлган баҳсларида ҳам Сергеев майдонни голсиз тарк этмоқда.