Хитойда мамлакатнинг энг бадавлат кишиси аниқланди. Бу ҳақида ХХРнинг бадавлат кишилар рейтингини чоп этувчи Hurun Research Institute тадқиқот ташкилотининг маълумотига асосланиб, РИА "Новости" хабар берди. 

Манбага кўра, Хитойнинг энг бадавлат кишиси - Dalian Wanda Group компанияси раҳбари 62 ёшли Ван Цзяньлинь бўлиб, унинг бойлиги 32,1 миллиард долларга баҳоланган. 

Ван Цзяньлинь 2013 ҳамда 2015 йилларда ҳам Хитойнинг энг бадавлат кишиси дея тан олинган. 2013 йилда унинг молиявий ҳолати 22 миллиард долларга баҳоланганди. 

Рейтингдаги иккинчи ўринни Хитойнинг энг йирик Alibaba Group интернет-компаниясининг асосчиси ва раҳбари Жек Ма эгаллаган. Унинг молиявий ҳолати 30,6 миллиард долларга баҳоланган. Учинчи ўринда - Tencent телекоммуникацион компаниясининг асосчиси Ма Хуатэн бўлиб, унинг бойлиги 24,6 миллиард долларга баҳоланган. 

Тўртинчи ўринда кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб борувчи Baoneng Group компаниясининг 45 ёшли раҳбари Яо Чжэньхуа номи қайд этилган. Унинг молиявий аҳволи 17,2 миллиард долларга баҳоланган. 

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб хитойлик миллиардерларнинг сони 754 нафарни ташкил қилади.