LG компанияси электрон бозорда смартфонлар учун 15 ваттга эга кучли симсиз док-станцияни (туташтирувчи боғлама) тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда. У аппаратларни кабель орқали қувватлагандаги тезликда зарядлай олади. Ўртамиёна смартфоннинг батареясини 50 фоизгача қувватлаш учун бор-йўғи 30 дақиқа вақт кетади, бу эса кабелли 2 амперга эга қувват мосламаси билан зарядлангандаги натижага тенг келади. 

Quick Wireless Charging Pad қурилмаси Qi стандартининг сўнгги таҳририга тўлиқ мос келади ва симсиз қувват олиш хусусиятига эга кўплаб мобиль қурилмалар билан ишлай олади. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчилар ёниб кетиш ҳолатига қарши ҳимоя чорасини кўришган — ички контроллер смартфон билан алоқа чоғида ҳароратни назорат қилади. Қизиш ҳолати ошиб кетганда, зарядлаш жараёнини автоматик тарзда тўхтатади. 

LG Quick Wireless Charging Pad Шимолий Америка, Европа ва Австралия бозорларида жорий йилнинг ўзидаёқ пайдо бўлади. Қурилманинг нархи ҳақида айни дамда аниқ маълумот йўқ.