Россия президенти Владимир Путин TF1 француз телеканалига берган интервьюсида Сурия ва минтақадаги жорий вазият учун жавобгарлик биринчи навбатда АҚШ ва унинг иттифоқдошлари зиммасида эканлигини айтди. Интервью матни Кремль сайтида чоп этилди.

Путин Ҳалабни бомбардимон қилиш бўйича, жумладан АҚШ ва Франция томонидан  Россияга қўйилаётган айбловларга изоҳ бериш илтимосига бу айбловларни "ҳақиқий вазиятни ҳисобга олмайдиган сиёсий сафсата" деб атади.

"Мен аминманки, Сурия ва минтақада вужудга келган вазият учун жавобгарлик бизнинг ғарблик шерикларимиз, биринчи навбатда АҚШ ва унинг иттифоқдошлари зиммасидадир. Келинг, ҳамма "араб баҳорини" оташин қўллаб-қувватлаганини бир эслайлик. Қани ҳозир бу оптимистлик? Бу ҳаммаси нима билан якунланди?", деб айтди Путин.   

Путин тартибсизликлар гирдобида қолган бу давлатлардан на Франция , на Россия ва на АҚШ учун таҳдид таралмаганини айтди.  

"Энди эса бу давлатлар террорчилик хавфи манбаидир. Бизнинг мақсад шундан иборатки, бунга Сурия ҳудудида йўл қўймасликдир", деб таъкидлаб ўтди Путин.