Сенат Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини маъқуллади

Ўзбекистон 13 Октябрь 2016 6937
Фото: UzReport

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Ушбу қонунга мувофиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларида амал қилиб турган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 февралда қабул қилинган «Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Меҳнат вазирлигига ўзгартирилди, унинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари зиммаларига ногиронлар, шу жумладан, ногирон болалар, уруш қатнашчилари, фахрийлар, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам бериш, имкониятлари чекланган шахсларнинг касбга ўқитилишини ташкил этиш ва инклюзив касбга ўқитишни ривожлантириш, Молия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари зиммаларига муҳтож оилаларга ҳамда фуқароларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинланиши ҳамда тўланиши устидан мониторинг олиб бориш вазифалари юклатилди. Шунингдек, ногиронлар ва кексалар учун мўлжалланган Мурувват ҳамда Саховат уй-интернатлари, Ногиронлар учун реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, ногиронлар учун минтақавий реабилитация марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаториялар ҳамда пансионатлар, шунингдек, қатор таълим муассасалари Меҳнат вазирлиги тасарруфидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

Қайд этилган фармон талабларидан келиб чиқиб, қонунда бир қатор қонун ҳужжатларига, жумладан, «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Ветеринария тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига, хусусан, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига, Солиқ кодексига, Бюджет кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Жиноятлар таҳлилини, динамикасини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳисобга олган ҳолда Жиноят кодексига фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет ҳамда смета-штат интизоми соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни таснифлашда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мавжуд бўлган номувофиқликларнинг бартараф этилишини ва бир хилда талқин этилишини таъминлашга, шунингдек, Бюджет кодексидаги айрим нормаларнинг ва жиноят тўғрисидаги ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг мазмунидаги тафовутларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу ўзгартишларнинг киритилиши бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва бюджет интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Кўпроқ янгиликлар