АҚШ президентлигига Республикачилар партияси номзоди Дональд Трампнинг адвокатлари New York Times (NYT) нашридан чоршанба куни чоп этилган Трамп ҳақидаги мақолани олиб ташлашни талаб қилишмоқда. Унда икки аёл миллирадерни шилқимликда айблаган. Ассошиэйтед Пресс шу ҳақида хабар берди. 

Адвокат Марк Касовиц нашрга йўлланган хатида мақолани "Трамп номзодини мағлубиятига учратиш мақсадидаги сиёсий уринишдан бошқа нарса эмас"лигини маълум қилган. Шунингдек у мақолани "ҳақорат ва бўҳтон", деб атаган. 

NYT нашри чоршанба куни бир неча йиллар аввал миллиардер билан тасодифан учрашиб қолган америкалик икки аёл қиссасини чоп этган. 74 ёшли Жессика Лидснинг сўзларига кўра, тахминан 30 йил илгари у Трамп билан бир рейсда парвоз қилган. Парвоздан 45 дақиқача ўтгач, миллиардер тўсиқни тушириб, унга шилқимлик қила бошлаган. "У ўзини худди саккизоёқ каби тутиб, менга ёпиша кетди", - дея хотирлайди аёл. У самолёт салонидаги қўшнисининг  ноўрин хатти-ҳаракатлари туфайли ҳаво кемасининг энг орқа қисмига кўчиб ўтишига тўғри келганини таъкидлаган. 

Рейчел Крукс исмли аёл нашрга Трампнинг шилқимлигига доир яна бир вазият ҳақида хабар қилган. Унинг сўзларига кўра, 2005 йилда ўша пайт 22 ёшда бўлган аёл Bayrock Group компаниясида котиба бўлиб ишлаган. Компания идораси Манхеттендаги осмонўпар Trump Tower биносида жойлашган бўлган. Бир куни эрталаб Рейчел лифт олдида миллиардер билан учрашиб қолган ва у ишлайдиган фирма Трамп билан ҳамкорлик қилгани учун саломлашиб, ўзини таништирган. Котибанинг кўришиш учун узатган қўлини маҳкам ушлаб олган Трамп аёлга шилқимлик қила бошлаган. "Бу жуда ноўрин хатти-ҳаракат эди", - дейди Рейчел. 

Трампнинг жамоаси унинг ўзини бундай тутиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни "бемаъни", деб атади. Бундан ташқари миллиардернинг штаби газетани Демокоратлар номзоди Ҳиллари Клинтон атрофидаги можаролардан чалиғитишга уринишда айблади.