Туркия адлия вазири: Президентнинг бошқарув шакли тақдирини референдум ҳал қилади

Жаҳон 13 Октябрь 2016 2707
Фото: Getty Images

Туркияда президент бошқарув шаклини қонунийлаштириш лозим. Туркия адлия вазири Бекир Бўздаг мамлакат бош вазири Бинали Йилдиримнинг ҳукмрон партиянинг (Адолат ва тараққиёт партияси) яқин вақт ичида янги конституция лойиҳасини парламентда кўриб чиқиш тўғрисидаги баёнотига ана шундай изоҳ берди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги маълум қилди. 

"Ушбу масала парламентга тақдим этилганидан кейин биз унинг натижаларига кўра, қарор қабул қилувчи халқдан сўраймиз, - деди вазир Анқарадаги халқаро ҳуқуқ конгрессидаги иштироки чоғида. - Наҳотки бугунги кунда Туркияда президентлик шакли мавжуд бўлмаса... Ҳақиқат ойдек равшан, шу боис нима учун уни қонунийлаштирмас эканмиз?!", - дея таъкидлади адлия вазири. 

У Туркиянинг ҳозирги президенти 2014 йилда конституцияга ўзгаришлар киритилганидан сўнг халқ томонидан сайлангани ҳамда унинг кенг ваколатларга эга эканлигини эслатиб ўтди.  "Сиёсий партиялар президентнинг ваколатлари масаласини парламентга тақдим этишлари мумкин. Унга 330 нафардан ортиқ депутат овоз берса, биз бу ҳақида халқдан сўраймиз, - деди Бўздаг референдумни назарда тутиб. - Ишончим комилки, турк халқи бошқарув тизими билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга қодир. 

Туркияда бугунги кунда 1980 йилги ҳарбий тўнтарувдан кейин 1982 йилда қабул қилинган конституцияга амал қилиб келинади. 

 

Кўпроқ янгиликлар