Видео: Марадона хайрия учрашуви вақтида Верон билан тортишиб қолди

Спорт 13 Октябрь 2016 7782

Видео: Марадона хайрия учрашуви вақтида Верон билан тортишиб қолди

Аргентиналик афсонавий футболчи Диего Марадона аргентиналик бошқа бир собиқ футболчи Хуан Себастьян Верон билан Римда ўтказилган Мatch for Peace номи остидаги хайрия учрашуви вақтида қаттиқ баҳслашиб қолди.

Учрашув таркибида Верон бўлган Роналдиньо бошчилигидаги жамоанинг Марадона бошчилик қилган жамоа устидан 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган. Ғолиб жамоа сафида голларга Фредерик Кануте, Боян Кркич, Эрнан Креспо ва Фернандо Кавенаги муаллифлик қилган бўлса, Марадона жамоасидан голларни Антонио Ди Натале, Франческо Тотти ва Николас Бурдиссо урган. 

2010 йилги Жаҳон чемпионатида Марадона бош мураббийлигидаги Аргентина муваффақиятсизликка учрагач, Верон терма жамоани профессионал мутахассис бошқариши кераклигини айтганидан кейин ушбу икки собиқ спортчи ўртасида мунозаралар юзага келганди.

Бунга жавобан Марадона Веронни сотқин деб атаб, на футболчи ва на унинг отаси ҳақида эшитишни хоҳламаслигини таъкидлаганди.

ЖЧ-2010 Аргентина терма жамоаси учун чорак финалда якунланган, таркибда Верон ҳам бўлган жамоа Германияга 0:4 ҳисобида ютқазганди.

Кўпроқ янгиликлар