Xiaomi тинимсиз янги гаджетларни тақдим этишда давом этмоқда. Жорий ойда уларнинг янги қурилмаси миттигина Little Square камераси ва MI Music Alarm Clock будильнигидир. Камера web-камера вазифасини бажара олади ва хоналарда видеокузатувни амалга ошириши мумкин. 

Xiaomi Little Square 1/2.7 дюйм оптик форматдаги CMOS матрица, F/2.0 диафрагма ва 110 даражали кўриш бурчагига эга бўлиб, Full HD видеони суратга олиш қобилиятига эга, ҳаракат ва товушга таъсир кўрсата олади, 9 метргача бўлган масофадан қоронғуликда кўра олади. Видеоёзувларни сақлаб қолиш учун 64 ГБгача бўлган ҳажмдаги microSD хотира картаси мавжуд, уларни узатиш учун эса — Wi-Fi модуль ҳам бор. 

Сурат ва видеоларни Android 4.0 ОТ (ундан юқори бўлганлар ҳам) ва iOS 7.0 бошқаруви остидаги мобиль қурилмалар қабул қила олади. 50×50×56 мм ўлчам ва 100 грамм оғирликдаги мини-камера тутун детектори билан бирга ақлли уй тизимининг бир қисмига айланиши мумкин. 

10 000 мАч сиғимли аккумулятор 12 соатли тўхтовсиз иш жараёнига етади, портатив аккумулятор орқали зарядлаш мумкин. 

Xiaomi Little Square сотувга 22 ноябрдан бошлаб 15 доллар қийматида чиқарилади.

Xiaomi MI Music Alarm Clock рақамли будильниги ухлаётган инсонларга баланд товушлар билан зарар етказмаслик учун белгиланган вақтда энг паст овозда овоз чиқаради ва секин уни кучайтириб боради. 30 долларли гаджетда уч мусиқа автоматик ўрнатилган, бироқ Bluetooth 4.1 орқали смартфон ёки исталган қурилмага уланган ҳолда севимли треклар оғушида уйғониш мумкин. Бу борада Xiaomi қурилмасини карнай сифатида ҳам ишлатиш мумкин.  Будильник корпусида фақат биргина тугма бўлиб, у вақт ва овоз баландлигини созлаш учун мўлжалланган, думалоқ индикаторда сонлар билан фақат соат акс этади, дақиқалар эса нуқталарда ҳаракатланади.

Тўлиқ зарядланган 2 600 мАч сиғимли аккумулятор 15 кунли автоном иш ва 60 фоизли овоз баландлигида 8 соат мусиқа тинглашга ярайди.