Швеция академиясининг 2016 йилги адабиёт бўйича Нобель мукофотини АҚШлик бастакор, қўшиқлар ижрочиси ва муаллифи Боб Диланга бериш қарори швециялик адабий танқидчилар ва журналистларни, бу мукофот Диланга берилиши бир неча йилдан бери башорат қилинаётганига қарамасдан, эсанкиратиб қўйди.

Бу мукофот Диланга "буюк америка анъаналарида янги шеърий ифодаларни яратгани" учун берилди.  

"Менинг гапиришга тилим айланмай қолди, ҳақиқатда айланмай қолди. Барча тўсиқлар барбод бўлди. Бу адабиётни умуман янгича тушунишдир", деб айтди SVT швед телевидениесининг адабий танқидчиси Ульрика Миллес мукофотнинг берилишини жонли эфирда шарҳлаш вақтида.

"Унинг жуда яхши қўшиқлари бор, бироқ бу шеъриятнинг яхшилигини билмайман", деб айтди Нобель мукофотлари бўйича мутахассис  Сванте Вейлер.

Швеция академиясининг муқим котиби Сара Даниус мукофотнинг Диланга берилишига изоҳ бериб, бу қарорга бир овоздан келинганини айтди.

"У ижро қилиш учун мўлжалланган шеърлар ёзади. Бунда Дилан ижоди илдизлари билан қадимий греклар анъаналарига қараб кетади, уларнинг шеърияти ҳам маълум усулда ижро этилган. Диланнинг ижодиётида чуқур анъаналар акс этган, улар юқори бадиий даражада мусиқа билан уйғунлаштирилган", деб айтди Даниус.

Боб Дилан – америкалик қўшиқчи ва қўшиқлар матни муаллифи. Унинг "Blowin' in the Wind", "The Times They Are a-Changin", "Knockin' on Heaven's Door" деб номланган қўшиқлари америка аксилҳарбий ҳаракати ва фуқаролик ҳуқуқлари мадҳияларига айланган.   

Адабиёт бўйича Нобель мукофоти унинг асосчиси Альфред Нобель томонидан берилиши васият қилинган бешта мукофотдан бири ҳисобланади. Мукофотни топшириш маросими 10 декабрда Нобелнинг вафот этган кунида ўтказилади. Бу йилги Нобель мукофоти миқдори 8 млн швед кронини (932 минг АҚШ доллари) ташкил қилмоқда.