Буюк Британияда "қўрқинчли масхарабозлар" ҳақидаги хабарлар туфайли ChildLine болалар психологик марказига мурожаат қилувчилар сони кўпаймоқда. Гап шундаки, сўнгги пайтларда масхарабоз кийимидаги кишилар йўловчиларни қўрқитиб, уларга ҳужум қилаётгани тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Бу ҳақида The Guardian газетаси маълум қилди

Манбага кўра, бир ҳафта ичида Childline'га 120 нафар бола ва ўсмир мурожаат қилган. 

"Баъзи кишиларнинг масхарабоз кийимини кўнгилочар тадбирлар учун эмас, кимнидир қўрқитиш ёки ҳужум қилиш учун кийиши хавотирга сабаб бўлувчи тренддир. Бу онгли хатти-ҳаракат, унга йўл қўйиш керак эмас. Инсонлар баъзан бунинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунишмайди", - дейди Childline раҳбари Жон Кэмерон. 

Маълум бўлишича, масхарабозлардан қўрқиб мурожаат қилганларнинг тахминан чорак қисми 11 ёшли болалардан иборат. Яна чорак қисми эса - 12-15 ёшли болалар. 

Сўнгги пайтларда Буюк Британия полицияси масхарабоз кийимини кийган кишилар билан боғлиқ бир қатор ҳодисаларга дуч келишди. Масалан, Лондондаги Брунель университети ётоқхонасида талабалар одамлар кетидан қуваётган арра кўтарган масхарабозни кўришган.