Германияда eBay интернет-дўкони орқали 5 минг еврога гўдакни сотмоқчи бўлишгани юзасидан тергов бошланди, деб хабар бермоқда The Local нашри.

Маълум қилинишича, гўдакни сотиш ҳақидаги эълонда чақалоқнинг сурати ва у ҳақда қисқача маълумот келтирилган бўлган: "Бола 40 кунлик, исми Мария, сотилмоқда". 

eBay маъмурияти бу эълонни кўплаб эътирозлардан кейин ўчириб ташлади. Эълон сайтда ярим соатча турган. Дўкон вакиллари "Бу ҳазил бўладими ёки йўқми, бу ишни қилган одам қилмиши учун жавоб беришини истаймиз", деб айтишган.

Полиция томонидан қўзғатилган тергов давомида чақалоқнинг ота-онаси Дуйсбург шаҳрида аниқланган ва қочқинлар бўлиб чиққан.

Нашр маълумотларига кўра, бола тергов вақтига болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идоралари томонидан олиб кетилган.