Қозоғистонда Каспий денгизи шельфидаги Қашаған нефть конидан қазиб олинган нефть биринчи марта экспортга юборилди. Бу ҳақда РБК хабар бермоқда. Қозоғистон энергетика вазирлиги Каспий нефть қувури консорциуми тизимига кондан олинган 7,7 минг тонна нефть тортиб олинганини маълум қилди.   

Шу билан бир вақтда "КазТрансОйл" компанияси қувурлари тизимига 18,8 минг тонна нефть етказилган. Бундан ташқари,  "Интергаз Центральная Азия" компанияси магистрал тизимига 22,8 млн куб метр газ тортиб олинган. 

Қашаған – охирги 40 йил ичида очилган энг йирик нефть конларидан бири ҳисобланади. Унинг захиралари 9-13 млрд баррель нефтга баҳоланади. Конда нефть 2013 йил сентябридан олина бошланган, 2017 йилгача қазиб олиш ҳажмини йилига 50 млн тоннагача етказиш режалаштирилганди. Бироқ кон ишини бошлагандан бир неча ой ўтгач қувурлардан бирида газ сизиб чиққани сабабли нефть қазиб олиш тўхтатилганди.