Олий Суд: Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари - бу борадаги қонун талаблари ҳаётга татбиқ этилмоқда

Ўзбекистон 14 Октябрь 2016 7206
Фото: «Газета.uz»

Халқимиз инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш сари дадил одимламоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу ғоянинг мустаҳкамлаб қўйилгани бу жараённи рўёбга чиқаришнинг ишончли кафолатидир.

Бош Қомусимизнинг 35-моддасида белгиланганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Конституциямизнинг 44-моддасида эса, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши белгилаб қўйилган. 

Таъкидлаш жоизки, юртимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан боғлиқ барча масалалар ушбу конституциявий меъёрлар ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун муҳим аҳамият касб этганини алоҳида қайд этиш ўринлидир.

Айни чоғда, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, 2014 йил 14 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги қонунга асосан Фуқаролик процессуал кодексининг 310, 320, 346 ва 3481-моддалари янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, суд қарорларига нисбатан нафақат ишда иштирок этувчи шахслар, балки ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар ҳам шикоят (ариза) билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Бунинг натижасида судларда кўрилаётган низо турлари, жумладан, иқтисодиёт, мулк ва мерос билан боғлиқ мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга бўлган ишончи тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Ке­зи келганда таъкидлаш жоизки, судлар ҳар бир мурожаат ортида инсон ва унинг тақдири турганини инобатга олган ҳолда, уларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш, адолатли қа­рорлар қабул қилинишига масъулият билан ёндошмоқлари лозим.

Шу билан бирга, 2014 йил 4 декабрда амалга киритилган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун манфаатдор шахсларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини такомиллаштиришга қаратилгани билан янада муҳим аҳамият касб этди. Ушбу қонун мазкур соҳадаги қонунбузилиши ҳолатлари учун жавобгарликни белгилаш билан бирга, фуқароларнинг, шунингдек, давлат органларига, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтирди ва уларнинг сўровини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштирди. 

Энг асосийси, ушбу ҳужжат жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, уларнинг ариза ва шикоятлар, давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар билан давлат органи ва муассасаларига, фуқаролар ўзини ўзи бош­қариш органларига мурожаат қилиш ҳуқуқларини янада мустаҳкамлади.

Қонунда мурожаатларнинг шакл ва турлари, уларга нисбатан қўйиладиган талаблар, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ўрни, жисмоний ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш тартиби белгиланган. Айни чоғда, мурожаат этиш ҳуқуқларининг кафолатлари, мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш муддатлари ҳамда уларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқлари, давлат органларининг мажбуриятлари қайд этилган. 

Ушбу қонун билан мурожаатларни қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш, ёзма ёки электрон шаклда жавоб юбормаслик маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Қонуннинг амалий ижроси хусусида тўхталадиган бўлсак, умум­юрисдикция судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинаётганини таъкидлаш лозим. Шу ўринда эътиборингизни жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга мурожаатларига қаратмоқчиман.

Мисол учун биргина 2016 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Олий судига жисмоний ва юридик шахслардан 18 мингтадан ортиқ мурожаат, умуман айтганда, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича республика судларига эса, жами 85 минг 603 та мурожаат келиб тушган. 

Шу даврда Олий судда 3 минг 242 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабул қилинди. Шундан, 1 минг 435 нафар шахс бевосита Олий суд раҳбарияти томонидан қабул қилинган бўлиб, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан 674 та суд қарорига нисбатан протестлар келтирилди.

Ушбу қонуннинг 2-моддасида, қонуннинг амал қилиши — кўриб чи­қиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга татбиқ этилмаслиги белгиланган.

Шу сабабли фуқароларнинг маъмурий жавобгарлик, фуқаролик, жиноят ёки хўжалик ишлари билан боғлиқ мурожаатлари процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади.

Қонунчиликдаги муҳим янгиликлардан яна бири — мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари воситасида бериш ҳу­қуқий жиҳатдан мустаҳкамланганидир. Шу билан бирга, қонунда жисмоний шахслар ва юридик шахс­ларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек, қабул қилиш тартибини давлат органлари расмий веб-сайтларида эълон қилиш, уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳам назарда тутилган. 

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун қабул қилингач, Олий суднинг бу соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари ушбу қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори талабларига мувофиқлаштирилди. 

Жумладан, Олий суд Пленумининг "Фуқароларнинг суд ишларига доир мурожаатларини кўриб чиқиш амалиёти ҳақида"ги қарорига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал бўлмаган мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома ишлаб чиқилиб, амалга киритилди. 

Қонун талабига мувофиқ, барча судларда мавжуд фуқароларни қабул қилиш хоналари қайта жихозланиб, қабул куни ва тартиби ҳақидаги зарур маълумотлар фуқароларга қулай бўлган жойларга жойлаштирилди. Барча судларнинг қабул кунлари ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг веб-сайтига жойлаштирилган.

Шу билан бирга, Олий суд раҳбариятининг жойларда фуқаролар қабулини ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Сайёр қабуллар барча вилоятларда  фуқаролар олдиндан хабардор қилинган ҳолда ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 265 нафар жисмоний ва юридик шахс вакиллари ана шу аснода қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, судлар фаолиятига жорий этилган "E-Sud" миллий электрон суд иш юритуви тизими жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилиши учун янада қулай имконият яратди. "E-Sud" электрон тизими орқали судларга тўғридан-тўғри электрон тарзда ариза, даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни юбориш мумкин. 

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек, Яккасарой, Шайхонтоҳур туманлари ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Бекобод, Оҳангарон, Юқори Чирчиқ ва Чирчиқ шаҳар судларида "E-Sud" тизими имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Мазкур тизим жорий этилганидан буён жисмоний ва юридик шахслардан 124 минг 597 та мурожаат электрон тарзда қабул қилиб олинди.

Шунингдек, ахборот айирбошлашнинг ҳимояланганлигини таъминлаш, қоғозни тежаш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарадорлигини ошириш мақсадида Олий суд тизимида "Е-хат" ҳимояланган корпоратив электрон почтаси ишга туширилганидан ташқари интернет тармоғидаги веб-сайтимизда "Интернет қабулхона" ташкил этилган бўлиб, фуқароларнинг мурожаатлари мунтазам равишда электрон тарзда қабул қилинмоқда ва уларнинг хоҳишига қараб жавоблар шу тарзда ёки қоғоз шаклда бериб борилмоқда. 

Яна бир муҳим масала: яқинда Ўзбекистон ҳукумати порталида ташкил этилган мамлакатимиз Бош вазирининг виртуал қабулхонаси (pm.gov.uz) орқали мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ва ўз вақтида кўриб чиқиш тартибининг жорий қилингани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Айтиш мумкинки, бу тизимнинг самарали фаолият юритиши келгусида жамиятимизда қонун устуворлигининг мустаҳкам қарор топиши йўлида муҳим амалий қадамдир. 

Бугун минглаб юртдошларимиз ҳал этилмаган масалалар, айрим муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри мамлакатимиз Бош вазирига мурожаат қилмоқда. Барча соҳаларда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ этилаётгани бу халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганининг исботидир.

Ана шу электрон мурожаатлар орасида cудлар фаолиятига тааллуқли саволлар ҳам бор, албатта. Қисқа даврда ушбу виртуал қабулхона орқали Олий судга 2000 га яқин мурожаат келиб тушди. 

Бу турдаги ҳар бир мурожаат бўйича суд раисларининг шахсий масъуллиги белгиланган. Мурожаатлар юзасидан тўлиқ ва ҳар жиҳатдан асослантирилган маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, қатъий ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш вазифалари алоҳида назоратга олинган бўлиб, ижроси сўзсиз таъминланмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 4 декабрида мамлакатимизда улкан ижтимоий-сиёсий воқеа — Ўзбе­кис­тон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. 

Ушбу сайловни умумэътироф этилган халқаро меъёрларга мувофиқ тарзда эркин, очиқ-ошкора ва адолатлилик тамойилларига асосланган ҳолда, юксак демократик талаблар асосида ўтказишга барчамиз бирдек масъулмиз.

Зотан, сайлов жараёни билан боғлиқ ҳар бир мурожаатни ўз вақтида қабул қилиш, белгиланган муд­датда ва тартибда кўриб чиқиб, мазмунан ҳал этиш муҳим вазифамиздир.

Шу маънода судларга сайлов қонунчилиги билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиш тўғрисида тегишли йўналишлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Хулоса қилиб айтганда, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонун фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Зеро, ушбу қонун ҳужжатларини амалиётга тўғри татбиқ этиш, жамиятимизда қонун устуворлиги, тартиб-интизом, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим омилидир.

Азиз Обидов, Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот котиби

Кун янгиликлари
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 49579 Ўзбекистон
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 103397 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 52988 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9865 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20537 Ўзбекистон
Ливан Сурия чегараси яқинида ҳарбий юриш бошлади
08:57 46 Жаҳон
Венесуэла президенти коррупцияга алоқадорликда айбланди
08:57 15 Жаҳон
АҚШ Руминияга 1,25 млрд долларлик ракета тизимлари етказиб бермоқчи 
08:53 26 Жаҳон
Цукерберглар оиласида иккинчи фарзанд дунёга келди
08:39 623 Жаҳон
АҚШ ИШИДни мағлуб қилгандан кейин Сурияни тарк этишга ваъда берди 
08:05 1694 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар