Швециянинг Uniti стартапи уч ғилдиракли Ingenious EV электрокарини ишлаб чиқиши учун 800 минг доллар тўплашга муваффақ бўлди. Фирма янгиликни эълон қилган вақтда, жами 797 минг долларни ташкил этган 355та пул ўтказмасини қабул қилиб олган. 

Дастлаб, компания 550 минг долларни йиғишни режалаштирган. Таъкидлаш керакки, краудфандинг кампанияси тугашига 36 кун қолди. Швеция қонунларига кўра, лойиҳага маблағ киритган 355 киши фирма акционерларига айланган. Айни вақтда, компания янги электрокарга 140та буюртмани ҳам қабул қилган. 

Uniti 25-34 ёшлардаги мижозлар учун бир кишилик шаҳар автомобилини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Икки эшикли электромобиль футуристик дизайнга эга бўлади, унда электрон рул бошқаруви ҳамда қўшимча реаллик билан тўлдирилган проекцион дисплей қўлланилади. 

Компания унинг прототипини 2017 йилда синаб кўришни, 2018 йилдан буюртмаларни қабул қилишни режалаштирмоқда. Илк машиналар 2019 йилнинг учинчи чораги ёки 2020 йилнинг биринчи чорагидан харидорларга етказиб берилади. 

13 октябрь куни Американинг Sondors стартапи ўзининг уч ғилдиракли электрокари лойиҳаси учун 410 минг доллар йиққани хабар қилинган эди. Фирма 1 млн доллар йиғишни мақсад қилган.