2016 йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига бағишланган брифинг ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фазилов журналистлар олдида сўзлаган нутқида маълум қилишича, мазкур йиғилишда ИҲТга аъзо 57 давлатдан 26тасининг ташқи ишлар вазирлари расмий равишда ўз иштирокини тасдиқлаган. Булар Афғонистон, Бангладеш, Фаластин, Гайана, Индонезия, Иордания, Жазоир, Камерун, Кот-д’Ивуар, Ливия, Малайзия, Мальдив, Миср, Нигерия, Озарбойжон, Покистон, Қатар, Қирғизистон, Қозоғистон, Кувайт, Саудия Арабистони, Сомали, Суринам, Тожикистон, Туркия, Яман ташқи сиёсат идоралари раҳбарларидир.

Сессияда ИҲТ бош котиби Ияд Амин Маданий, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажжар, ташкилотнинг қатор ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этади.

18 октябрда ўз ишини бошлайдиган сессия доирасида ТИВКнинг амалдаги раиси Кувайт давлати ўз раислик ваколатини расман Ўзбекистонга топширади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессияга қадар ИҲТ ТИВКнинг раиси функцияларини амалга оширади.

Тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ, очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларни бирлаштирувчи умумэътироф этилган форум сифатида қарайди, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги бўлажак раислигини эса ислом тамаддуни ривожига мамлакатимиз томонидан қўшилган улкан тарихий ҳиссани эътироф этилиши деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг дунёдаги ролини кенгайтириш ҳамда ташкилот олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларига мувофиқ равишда, вайронкор мафкурага қарши кураш, мамлакат аҳолисида, айниқса ёш авлод вакилларида муқаддас Ислом дини қадриятлари ҳақида тўғри тушунча ва фикрни шакллантириш, ҳар томонлама етук ва юқори билимли ёшларни тарбиялаш масалаларининг давлатларимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг ИҲТ ТИВКдаги раислиги “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остида ўтади.

Ялпи мажлисда сессия қатнашчилари давлатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш, тинчликни мустаҳкамлаш соҳасидаги ИҲТ олдида турган умумий вазифаларни ҳал қилиш ҳамда сиёсий, иқтисодий, илмий, таълим, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.

ИҲТ ТИВКнинг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш доирасида жорий йилнинг август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигида Жидда шаҳрида Иқтисодий, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича Ислом комиссиясининг 39-сессияси ҳамда ИҲТга аъзо давлатлар юқори мансабдор шахсларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу форумлар ишида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

Мазкур тадбирлар якунларига кўра Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ИҲТ ТИВК мажлиси давомида тасдиқланиши режалаштирилган 100дан ортиқ резолюциялар қабул қилинди. Бундан ташқари, ИҲТнинг Махсус қўмитаси томонидан тадбир давомида қўшимча равишда яна қатор резолюциялар лойиҳалари кўриб чиқилади.

Сессия якунига кўра, қабул қилинадиган асосий ҳужжат Тошкент декларацияси ҳисобланади. Мазкур ҳужжат ИҲТ кун тартибидаги асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар масалаларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мазкур ташкилот ТИВКдаги бўлажак раислигининг устувор йўналишларини ўз ичига олади.

Маълумот учун, ИҲТ 1969 йилнинг сентябрида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ислом бирдамлигини таъминлаш учун ташкил этилган. 2011 йилга қадар у Ислом конференцияси ташкилоти номи билан аталган. ИҲТга 57 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлиб кирган.