АҚШ президентлиги учун Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампни қўллаб-қувватлаш учун миллиардер костюмида келган эркак кишини номзоднинг қўриқчилари залдан чиқариб юборишди. The Boston Globe нашрининг Вашингтон бўлими раҳбари ўринбосари Мэтт Вайзер шу ҳақда Твиттердаги саҳифасида маълум қилган.

«Трамп либосида пайдо бўлган йигит, Трампни қўллаб-қувватлаш маросими бўлаётган залдан чиқариб юборилди, аммо сабаблари номаълум», — деб ёзган Вайзер.

Журналист шунингдек, ҳодиса қаҳрамонининг суратини ҳам саҳифасига жойлаштирган. Унда, оқ кўйлак ва костюм кийган, қизил бўйинбоғ таққан, бошига ёрқин сариқ тусдаги Трамп услубида турмакланган ясама сочни ўрнатиб олган йигитни кўриш мумкин. Суратга олиш вақтида у қўриқчилар билан тортишаётган бўлган.