Интернетда ҳам ясси, ҳам эгилган экранда ишловчи, янги интерфейсли MIUI 8 смартфони видеоси чоп этилди. Бу смартфон букланувчи смартфоннинг ишчи прототипидир.   

Аввалроқ Samsung’нинг эгилувчи смартфонлар яратаётгани ҳақида бир неча бор маълумотлар чоп этилган. Бундан ташқари, бундай смартфонларнинг, мисол учун, LG OLED ва Samsung’нинг ўзи ишлаб чиқарган экран негизидаги бир нечта прототиплари тақдим қилинган. Энди эса бундай гаджетни Xiaomi компанияси яратаётгани маълум бўлди. Компаниянинг бу борадаги ишлари Gadget View каналида чоп этилди.

Роликда эгилувчан экраннинг ясси ва эгилган ҳолатда ишлаши намойиш қилинган. Ундан кўринишича, иккала ҳолатда ҳам MIUI 8 интерфейси босишларга бехато жавоб беради, иконкалар босилади, дастурлар юкланади. Шу билан бирга экрандаги тасвир сифати жуда юқори, бундай сифат аввал тақдим қилинган эгилувчи смартфонларда бўлмаган.

Эгилувчан смартфоннинг кўрсаткичлари маълум қилинмаган, бироқ видеода тўлақонли ишчи прототип тасвирланганини англаш мумкин. Кўринишича, ҳозирда бундай смартфонларини ишлаб чиқариш жуда қиммат туради ёки қўшимча ишланмаларга эҳтиёж сезади.  
Мутахассисларнинг фикрича, Xiaomi ёки бозорнинг бошқа етакчиларининг бундай смартфонлари дўконларда 3-5 йилдан кейин пайдо бўлади.