АҚШ Сурия бўйича янги резолюция ишлаб чиққанини эълон қилди. Унга мувофиқ, расмий Дамашқ маъмурияти ихтиёридаги барча хлор ва бошқа заҳарли саноат кимёвий маҳсулотларини йўқ қилиши керак. Foreign Policy журналида ёзилишича, навбатдаги ҳужжат октябрь ойи охирида БМТ қўшма механизми ва Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ)нинг Суриядаги кимё қуролидан фойдаланиш ҳолларига оид қўшма ҳисоботига бағишланган. 

Мақолада қайд этилишича, АҚШ маъмурияти "Суриянинг кимё қуролидан фойдаланмаслиги учун чоралар кўрмоқда" ва ушбу резолюция лойиҳасини бевосита КҚТТга тақдим этган. Ҳужжат "Дамашқни ўзининг хлор захираси ва бошқа заҳарли саноат кимёвий маҳсулотларини тўлиқ йўқ қилиш мажбуриятини юклайди". 

Вашингтонга кўра, Араб республикаси гўё "улардан кимёвий қурол тайёрлайди". Шу билан бирга, Сурия ҚК ихтиёридаги бочка бомбаларини ҳам йўқ қилиш талаб этилади. 

Бироқ, бундан аввал, Сурия ҳукумати резолюция қабул қилингач 30 кун муддат давомида, кимёвий маҳсулотлари жойлашган ўринлари ва омборхоналари, уларнинг сонини маълум қилиши керак. Бу талаблар хлорли қуролларни таший оладиган бочка бомбаларига ҳам бирдек тегишли экани айтилмоқда. 

Резолюция Дамашқ ва ИШИДнинг кимё қуролидан фойдаланишини "қатъий равишда қоралайди". Ҳужжат қабул қилинса, Суриянинг КҚТТдаги аъзолигини амалда тўхтатиб, суриялик мулозимларни халқаро ташкилотдаги лавозимларидан бўшатади ҳамда сурияликларни унинг Ҳаагадаги бош қароргоҳида ишлашини тақиқлайди. Шу билан бирга, Суриянинг ташкилот аъзолиги кузатувчи давлат мақомигача туширилади.