Норвегия Финляндия республикасининг юз йиллиги муносабати билан Халти тоғининг чўққисини ҳадя қилишдан бош тортди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Бу ғояни изоҳлаган Норвегия бош вазири Эрна Сульберг хонимнинг айтишича, ҳадя ортидан кўплаб муаммолар келиб чиқади. 

«Мамлакатлар ўртасидаги чегараларни ҳар қандай ўзгартириш мураккаб ҳуқуқий муаммолар, жумладан мамлакатимиз Конституциясига боғлиқ масалаларни пайдо қилади», — деган Сульберг. 1814 йилда қабул қилинган Асосий қонунга кўра, Норвегия ҳудуди бўлинмасдир. «Биз Финляндия юбилейига бошқа муносиброқ ҳадя топишга уринамиз», — дея ваъда берган бош вазир. 

Бироқ, ташвиқот кампанияси ташкилотчиси, норвегиялик Бьорн Харсон ўз ғояси учун курашишни давом эттиришини таъкидламоқда. Унинг айтишича, мамлакатнинг Наполеон даврида қабул қилинган Конституцияси вақт нуқтаи назаридан эскирган. 

Халти тоғи чўққисини Финляндияга тортиқ қилиш фикрини Норвегиянинг Кофьорд коммунаси илгари сурган эди. Бунинг учун чегара чизиғини 40 метрга суриш талаб этилади.