Леонардо Ди Каприодан БМТ элчиси лавозимидан кетиш талаб қилинди

Маданият 16 Октябрь 2016 7621
Фото: Reuters

Голливуд актёри, БМТнинг иқлим муаммолари бўйича элчиси ҳисобланувчи Леонардо Ди Каприога бу ваколатдан воз кечиш ва коррупцион можарога алоқадор бўлган  Малайзиянинг 1MDB жамғармасидан олган пулларни қайтариб бериш талаб қилинди.

Бу талаб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланувчи, Бруно Мансер номидаги швейцар жамғармаси директори Лукас Стаумэнн томонидан билдирилди, деб хабар бермоқда Hollywood Reporter.

Бунга Ди Каприонинг Малайзияда тропик ўрмонларни ноқонуний чопишга алоқадор бўлган малайзиялик коррупциялашган тадбиркорлар билан алоқаси сабаб бўлган.

"Ди Каприо Малайзиянинг 1MDB жамғармаси билан боғлиқ можародаги асосий гумонланувчи шахслар билан шахсий ва молиявий алоқаларини тушунтиришдан бош тортиб келган. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, у БМТ элчиси лавозимидан кетиши керак. Биз атроф-муҳитни агар коррупцияни тўхтатмасак қутқара олмаймиз. Ди Каприо бу билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши керак, бироқ бугун у шу муаммонинг бир қисмига айланди", деб айтди Страуманн Лондондаги матбуот-анжуманида. 

Страуманн актёр Индонезияда ўрмонларнинг йўқ қилинишига қарши чиқиб, Малайзияда бу билан боғлиқ муаммога кўз юмгани учун унинг экологик фаолиятини иккиюзламачилик деб атади. 

Страуманн актёр Малайзия жамғармасига "ифлос пулларни" қайтариб бериши кераклигини айтган, улардан бир қисми актёрнинг хайрия жамғармасига ҳақиқатда қайғурувчи одамлар томонидан хайр-эҳсон қилинган. Аввалроқ АҚШ адлия вазирлиги ҳам Ди Каприо жамғармасини фирибгарлик операцияларига алоқадорликка гумон қилиб, судга мурожаат қилганди. 

 

Кўпроқ янгиликлар