АҚШ давлат котиби Лозаннада Сурия бўйича ўтган учрашувдан кейин "Уши" деб номланган маҳаллий тамаддихонага йўл олди. Бу тамаддихона ўз таомномасида 22 франкка таклиф қилинувчи "Жон Керри" қуймоғи борлиги билан таниқли. АҚШ давлат котиби номига аталган қуймоқ рататуй, эчки сутидан тайёрланган пишлоқ ва руккола билан тортиқ қилинади. Бироқ Керри ўз номига аталган қуймоқни тановул қилишни истамади. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

"Йўқ, у буни буюртма қилмади. У нима тановул қилганини айта олмайман", деб айтди тамаддихона официанти. 

Керрининг ўз журналистлар жамоаси билан кечки овқати 2 соатга яқин давом этди. Бу орада тамаддихона олдида турли давлатлардан бир неча журналистлар Керри билан суҳбатлашиш учун уни пойлаб турганлар. Бироқ Керри орқа эшикдан кетишни афзал кўрган.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Лозаннадаги учрашув иштирокчилари аниқ келишувларга эриша олмадилар, бироқ 17 октябрда яна учрашишга келишиб олдилар.