Австрия ҳукумати Адольф Гитлер туғилган Браунау-ам-Инн шаҳридаги уйни бузиб ташламоқчи, деб маълум қилди мамлакат ички ишлар вазири Вольфганг Соботка.

"Ертўла плитаси қолиши мумкин, бироқ янги бино барпо этилади. Уй сўнгра хайрия ёки давлат эҳтиёжларига кўра ишлатилиши мумкин", деб айтди Соботка Die Presse нашрига.

Унинг тушунтиришича, ушбу қарор мутахассисларнинг тадқиқоти негизида қабул қилинган. 18 октябрда вазир тегишли жараённи парламентда ҳам бошламоқчи, деб хабар бермоқда нашр.  

Мамлакат ҳукумати 2011 йилдан бери уйнинг эгаси билан уйни бошқариш бўйича келишувга кела олмаяпти. Уйни эгаси уйни на сотишга, на таъмирлашга рухсат бермаяпти, бунинг устига ҳукумат уй ижарасига 4800 минг евро тўлаб келмоқда.

Июль ўрталарида Вазирлар кенгаши уйни мусодара қилиш ва унинг эгасига товон пули тўлашга рухсат берган, бунинг учун эса федерал қонунга ўзгартириш киритиш лозим.

Мамлакатнинг ёдгорликларни сақлаш жамиятида уйнинг бузилишига қарши чиқмоқдалар. Маҳаллий аҳоли ҳам бу борада турлича фикр билдирмоқда, уй ўрнида музей ёки қочқинлар учун бошпана ташкил қилиш имконияти ҳам истисно қилинмаяпти.