Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян «Чемпионат» нашрига берган интервьюсида Россиянинг «Оренбург» клубида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Вадим Афонинни терма жамоага чақиришга тайёр эканини маълум қилди.

Ундан россиялик журналист Вадим Афонин Ўзбекистон паспортига эга бўлсада, нега термада эмаслиги сабабини сўраган.

«Афониннинг фуқаролиги тўғрисидаги миш-мишлар кўпайиб кетди. Мен у билан гаплашдим ва уни бажонудил терма жамоага таклиф қилишимни айтдим. У ҳам терма жамоада ўйнашга тайёр эканини таъкидлади. Лекин унинг паспорти билан боғлиқ вазият бунга йўл бермаяпти.

Яқин орада, унинг паспорти ҳуқуқий кучга эга ёки йўқлигига аниқлик киритиб оламиз. Агар муаммо ҳал бўлса, навбатдаги ўйинга чақирамиз. Албатта, Афонин ўзининг ўйини билан терма жамоадан чақирув олишга лойиқ эканини исботлади. Ўзбекистон футбол федерацияси мутахассислари бу борада иш олиб бормоқда», деган мураббий.

Афонин 2012 йилда Ўзбекистон термаси сафида бир марта ўртоқлик ўйинида майдонга тушган.

29 ёшли Вадим Афонин «Оренбург» клубининг Премьер-Лигага қадам қўйишида ўз ҳиссасини қўшди. У чемпионатнинг ортда қолган тўққиз тури давомида саккиз бор майдонга тушган.