БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик журналистларга ташкилотнинг тинчлик элчиси ҳисобланган америкалик актёрга қўйилган айбловларга қарамай,  Леонардо Ди Каприо билан ҳамкорликни тўхтатмаслигини маълум қилди. Бу ҳақида ТАСС агентлиги хабар берди. 

Манбага кўра, ташкилот Ҳолливуд юлдузининг иқлим ўзгариши оқибатлари билан курашдаги фаолиятини аввалгидек қўллаб-қувватлашда давом этади.  

Бундан аввал Бруно Мэнсер фонди (Bruno Manser Fund ) Ди Каприони 1MDB Малайзия давлат инвестиция фондига алоқадор шахслардан пул олишда айблаб, ундан БМТ тинчлик элчиси мақомидан воз кечишни талаб қилган. 

"Леонардо Ди Каприо бир неча марта 1MDB атрофидаги низоларга жалб қилинган кишилар билан шахсий ва молиявий алоқалари сабабини изоҳлашдан бош тортган. Агар у Малайзиядаги коррупциядан узоқлашмаса, у ҳолда БМТнинг иқлим ўзгаришлари билан курашиш соҳасидаги тинчлик элчиси ваколатидан воз кечиши лозим. 

Биз коррупцияга чек қўймай туриб, атроф-муҳитни асрай олмаймиз". 

Лукас Страуманн, Bruno Manser Fund раҳбари

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Мартин Скорсезенинг Ди Каприо иштирокидаги "Уолл-стритлик бўри" фильми 1MDB пулларига суратга олинган.