Facebook мессенжери фойдаланувчилари янги функцияга эътибор қаратишди: суҳбатдошлар исми остидаги алоқа рўйхатида бу инсон билан суҳбатни бошлаш учун нимадан сўз очиш яхшироқ эканини кўрсатувчи белги пайдо бўлди. Бу ҳақида TechCrunch хабар берган.

«Дўстлар»ни суҳбатга тортиш учун  мессенжер фойдаланувчининг сўнгги маротаба қилган ишлари, жумладан, тинглаган мусиқаси, қаерда бўлгани ёки режадаги тадбири ҳақида кўрсатиб ўтади.

Умумий қизиқишга эга бўлиши мумкин бўлган одамларнинг аватари алоқалар рўйхатидаги махсус блокда гуруҳланган. 

TechCrunch томонидан ёзилишича, янги функция iOS ишлатувчи чекланган миқдордаги одамларда синовдан ўтказилмоқда. У кенг оммага тақдим этилиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Facebook маълумотига кўра, мессенжернинг фаол аъзолари сони ойига 900 миллиондан ошмоқда.