Англиянинг «Манчестер Сити» жамоасининг ўтган мавсум якунларига кўрган даромади 479 млн долларни ташкил қилди. Бу 2014/2015 йилги мавсумдаги 430 млн доллар (358,1 млн фунт стерлинг) билан солиштирганда 11 фоизга ўсишни кўрсатади. Йиллик ҳисобот жамоа расмий сайтида маълум қилинган.

Бу жамоа учун рекорд кўрсаткич саналади. «Сити» бу орқали Англия премьер-лигасида даромад кўриш бўйича «Манчестер Юнайтед»дан кейин иккинчи ўринни қайд этган.

Клубнинг ўтган мавсумдаги соф даромади миқдори 25,5 млн долларни ташкил қилган ва бу 89 фоизлик ўсиш демакдир.

Клубнинг ўйинлар телетрансляциясидан оладиган даромади 19 фоизга ўсди, бунга «Манчестер Сити» ўтган мавсумда ЕЧЛ ярим финалига қадар етиб боргани сабаб ҳисобланади. Etihad Stadium стадионида ўтказиладиган уй ўйинларига чипталар сотилиши орқали кўриладиган даромад миқдори 21 фоизга ошди, бу 2015 йилнинг ёзида трибуналар кенгайтирилгани билан боғлиқ.

Brand Finance маълумотига кўра, «Манчестер Сити» бренди баҳоси 905 млн долларни ташкил қилмоқда, бу қиймат 1 йил ичида 105 млн долларга қимматлашган. Brand Finance рейтингида ушбу клуб фақат «Манчестер Юнайтед», «Реал» ва «Барселона» жамоаларидан ортда қолмоқда - тўртинчи ўрин.

«Манчестер Сити» City Football Group ҳолдинги таркибига киради, бу ҳолдинг АҚШда «Нью-Йорк Сити», Австралияда «Мельбурн Сити» ва Японияда «Йокогама Маринос» жамоаларини ўз ичига олган.

«Шаҳарликлар»нинг қарзи йўқ. Шайх Мансур 2008 йилда жамоани сотиб олганди. Ўтган 8 йил давомида унинг сармоялари эвазига жамоа ўсишга эришди.

Ўтган мавсум якунидан кейин «Манчестер Сити» ёзда янги футболчилар хариди учун 140 миллион фунт сарфлади.

Ҳолбуки 5 йил олдин «Манчестер Сити» мавсумни 194,9 миллион фунтлик зарар билан ёпганди. Молиявий яхшиланиш «Этиҳад» стадионида яна 8000 ўрин (бу орқали стадион сиғими 54,041 ўринга етди) ва City Football Group ҳамда China Media Capital Holdings томонидан 265 миллион фунт инвестиция киртилиши ортидан рўй берди.