Мексикада номаълум кимсалар, кўча ўғрилари бўлгани тахмин қилинаётган олти кишини мустақил равишда жазолашди. Уларнинг бармоқлари кесиб ташланган, деб ёзмоқда Proceso нашри. 

Воқеа Халиско штати Гвадалахара шаҳри чеккасидаги Тлакепак шаҳарчасида рўй берган. Бармоқлари кесилган одамлар номаълум жиноятчилар томонидан кўчага ташлаб кетилган, уларнинг ёнидаги сумкага бармоқлари ҳам қолдирилган. 

Шунингдек, уларнинг ёнида қолдирилган ёзувларга кўра, қасоскорлар машина ва мотоциклларни, аёллар ва болаларнинг буюмларини ўғирлаганларни шундай усулда жазолашган. Мустақил маҳкама ўтказган гуруҳ фаоллари ўзларини "Каламушларга қаршилар" деб атаган.

Жабрдийдаларнинг — беш нафари эркак ва бири аёлдир. Улар тирик бўлса-да, бўлиб ўтган воқеадан ўзларини йўқотишган. Шу сабабли, бирон кўрсатма бера олишмаган. Айрим маълумотларга кўра, бир киши олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган. Суриштирув ишлари бошлаб юборилган.