Ироқ ҳукумат қўшинлари ва курд кўнгилли бўлинмалари Мўсулни ИШИД жангариларидан озод қилиш бўйича муваффақиятли юришини давом эттирмоқда, деб хабар қилган Пентагон маъмурияти.

"Илк маълумотларга биноан, Ироқ кучлари олдиларига қўйилган вазифани уддалашган ҳамда белгиланган муддатдан ўзиб кетишди", - деган Америка мудофаа вазирлиги матбуот котиби Питер Кук.

Мўсул шаҳрига ҳужум 17 октябрда бошлангани ҳақида Ироқ бош вазири Ҳайдар Ал Ободий баёнот берган эди. Унда ҳукумат ҳамда курд кўнгилли бўлинмаларидан иборат 30 мингга яқин ҳарбий иштирок этмоқда. Жанговар амалиёт ИШИДга қарши халқаро коалиция кучларининг ҳаво ва қуруқликдаги кўмагида амалга оширилмоқда. 

Ироқ Курдистони президенти Маъсуд Барзанийнинг айтишича, курд ҳарбийлари биринчи кунда 200 кв.км. майдондаги 9та қишлоқ тозаланган. 

Бундан ташқари, курд жангчилари Арбил ва Мўсул шаҳарларини боғловчи йўлнинг асосий қисмини эгаллаган. 

Шунга қарамай, Пентагон вакили "мазкур ҳарбий кампания машаққатли бўлиши ва маълум бир вақтни олишидан" огоҳлантирган.