20—21 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.

ЎзА хабарига кўра, анжуман Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Адлия вазирликлари, Бош прокуратура томонидан бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Миллий матбуот марказида мазкур конференцияга бағишлаб ўтказилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев оммавий ахборот воситалари ходимларини халқаро конференциянинг мақсади, вазифалари ва дастури билан таништирди.

Халқаро анжумандан асосий мақсад Ўзбекистонда мустақиллик йилларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар тўғрисида дунё жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни муҳокама этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатларни ратификация қилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича институт ташкил этишнинг тавсия этилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоялаш борасидаги ислоҳотларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.