Туркияда ўрта осиёлик журналистлар иштирокидаги анжуманда 15 июль воқеалари юзасидан батафсил маълумот берилди

Жаҳон 18 Октябрь 2016 6101
Фото: kun.uz

2016 йилнинг 15 июль санаси замонавий Туркия тарихидаги бурилиш нуқтаси бўлди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбари, бош вазир маслаҳатчиси Меҳмет Акаржа 17 октябрь куни Анқарада ўтган “Тарих ва миллий бирликни англаш” мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилди. 

Ўрта Осиё ҳамда Озарбойжондан келган журналистлар, хусусан kun.uz сайти вакиллари билан учрашган Меҳмет Акаржа 15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш ҳақида батафсил маълумот берди.

“FETÖ террорчи ташкилоти 40 йил давомида яширин равишда фаолият юритиб, давлат идораларига ўз тарафдорларини киргизишга уринган. Мазкур террорчи ташкилот шу қадар махфий иш тутганки, ҳатто Туркия Президентига яқин бўлган ва унинг хавфсизлигига масъул бўлган мансабдорлардан бири FETÖ террорчи ташкилоти тарафдори бўлиб чиқди. Менга қолса, уларни фаришта қиёфасидаги шайтонлар деб атаган бўлар эдим”, – деди Меҳмет Акаржа.

Бош вазир девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбарига кўра, мамлакат етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг жасорати ва турк халқининг бирдамлиги туфайли бир гуруҳ хоин ҳарбийларнинг давлат тўнтаришига уриниши муваффақиятсиз якунланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб мурожаат йўллаган.

Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 240дан ошиқ киши шаҳид бўлган, 1500дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Меҳмет Акаржа журналистлар билан учрашувда 15 июль фитнаси ортида дунёнинг йирик салтанатлари – геосиёсатнинг катта ўйинчилари турганини ҳам қайд этди.

“Давлат тўнтаришига уриниш ортида йирик салтанатлар тургани сир эмас. Террорчилар эса уларнинг қўлида қурол бўлди, холос. Ғанимлар ягона Туркияни парчалаб, пароканда қилмоқчи бўлишди. Барқарор мамлакатни Сурия, Ироқ каби ҳарб майдонига айлантиришга қасд қилишди. Аммо қасд қилганлар паст бўлди. Туркияни парчалаб ташламоқчи бўлган кучларнинг умиди чиппакка чиқди.  80 миллион нуфусли турк халқи бир тану бир жон бўлиб демократик тузум ва фаровон ҳаётни ҳимоя қилди”, – деди Меҳмет Акаржа.

Кўр ҳассасини бир марта йўқотади деган гап бор. Матбуот ва ахборот бош бошқармаси раҳбарига кўра, Туркияда рўй берган мазкур фитнадан Марказий Осиё давлатлари ҳам керакли хулоса чиқариб, хатоларни такрорламаслиги лозим. Хусусан, Фатҳулла Гулен раҳбарлик қилаётган террорчи ташкилотнинг дин, маърифат каби жозибали ғояларига алданиб қолмаслик даркор.

Меҳмет Акаржа бу борада муайян воқеа-ҳодисалар хусусида ижтимоий фикрни шакллантирувчи оммавий ахборот воситаларининг масъулияти катта эканини таъкидлади.

Бу ўринда Туркия Бош вазири Биноли Йилдирим дунё матбуотини 15 июль воқеаларини ёритишда “қора пропаганда” воситаларидан фойдаланишда айблаганини эслатиб ўтиш жоиз. Бош вазир ҳузуридаги бош бошқарма раҳбари мулоҳазалари ҳам ҳукумат раҳбари фикрларига ҳамоҳанг янгради.

Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон демократик йўл билан сайланган давлат бошқаруви идораларига қарши чиққан ҳарбийларни cаратон ўсмасига ўхшатган ва барча бошқарув органлари бундай вируслардан тозаланишини айтган эди.

Туркиянинг яқин тарихига назар солинса, 1960, 1971, 1980 ва 1997 йилларда ҳарбийлар давлат тўнтаришларини амалга оширганини кўриш мумкин. Марказий Осиё ва Озарбойжон журналистларининг ташрифи доирасида Бош вазири девони ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси бинoсида мазкур давлат тўнтаришларига бағишланган суратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Матн: ziyo.uz

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 72116 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37430 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21696 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81691 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 62041 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 2045 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 1382 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 1155 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 489 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 853 Маданият
Кўпроқ янгиликлар