Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига Тошкент давлат Техника университети техника фанлари доктори, профессори Марахимов Авазжон Рахимович ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Миллий университет расмий сайтида маълум қилинган.

Авазжон Мараҳимов ўз фаолияти давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, 2010 йил 2 мартида Президент қарори билан Халқ таълими вазири бўлган.

У 2011 йилнинг 30 июнида лавозимидан озод этилганди.

Марахимов сўнгги бор Тошкент давлат техника университети "Электроника ва автоматика" факультети "Бошқаришда ахборот технологиялари" кафедраси профессори лавозимида фаолият кўрсатган.

Қайд этиш керакки, кейинги 1,5 йил ичида университетда учинчи бор ректор ўзгармоқда. 

2015 йилнинг ёзида Муҳамедов Ғофуржон Исроилович ўрнига университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида ишлаб келган Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович университетга раҳбар бўлганди.

2016 йилнинг майида эса Физика-математика фанлари доктори, профессор Абдураҳим Абдушукуров университетнинг янги ректори бўлганди.