Apple компаниясининг навбатдаги тақдимоти жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтади. Тадбирда MacBook Pro ноутбукларининг янги авлоди намойиш этилиши кутилмоқда. Бу ҳақида The Verge хабар берди.

Манбага кўра, ноутбуклар қатори охирги марта 2012 йилда  янгиланганди. Ўшандан буён MacBook Pro'га фақат Retina экран ва Force Touch'ни қўлловчи трекпад қўшилди. 

Bloomberg агентлиги бундан аввал кузги тақдимотда iMac, MacBook Air'нинг янги моделлари, шунингдек 5K'ли мониторни тақдим қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Тасдиғини топмаган маълумотларга кўра, янги MacBook Pro ингичкароқ бўлиб, унинг клавиатуралари ҳам япалоқроқ кўриниш олган, шу билан бирга унда қўшимча маълумот олиш учун зарур бўлган қўшимча сенсор OLED-экран ҳам мавжуд. 

Шунингдек манбада 2016 йилда Mac компьютерлари сотувлари тушиб кетгани эслатиб ўтилди. Жорий йилнинг иккинчи чорагида 4,4 миллион қурилма сотилди, бу 2015 йилнинг худди шу даврига нисбатан 400 мингга кам.