«Легия» мураббийи: 5 гол ўтказган бўлсак ўтказгандирмиз, муҳими Роналдуга гол уришга қўймадик

Спорт 19 Октябрь 2016 4822

«Легия» бош мураббийи Яцек Магера ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи, 3-турида Мадриднинг «Реал» жамоасига қарши кечган ва 1:5 ҳисобидаги мағлубият билан якунланган ўйиндан кейин берган интервьюсида бу натижадан ҳам ижобий жиҳат топишга уриниб кўрди. У ўз шогирдлари рақибларнинг асосий ҳужумчиси Криштиану Роналдуга гол уришга имкон бермаганидан қониқиш ҳосил қилганини айтиб ўтган.

Португалиялик футболчи майдонни голсиз тарк этди, лекин 2та голга ҳаммуаллифлик қилди.

«Бизда Роналдуга қарши алоҳида стратегия мавжуд эди. У рақибнинг асосий футболчиси, биз эса унга истаганидек ўйнаш имконини бермадик. Майли, 5та гол ўтказган бўлсак, ўтказгандирмиз. Лекин биз Криштианунинг гол нишонлашига йўл қўймадик. Бу ижобий ҳолат», — дея Магеранинг сўзларини келтирган УЕФА расмий сайти.

Қайд этиш керакки, Роналду ушбу учрашувда 2та гол ура олганида, тарихий натижага эришган бўлар эди. У шу вақтгача еврокубокларда 98та гол урган ва бу ўйинда дубль қайд этиш орқали еврокубокларда 100та гол урган илк футболчига айланар эди.

Манба: tribuna.uz

Кўпроқ янгиликлар