Филиппин полицияси автомобили Маниладаги АҚШ элчихонаси олдида намойиш уюштираётган одамлар устига бостириб борди. “Ассошиэйтед Пресс” агентлиги хабарига кўра, жароҳатланганлар бор.

Агентлик маълумотига кўра, юзлаб одамлар мамлакатдан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб этиб, намойишга чиқишган. Акция вақтида полиция фургони бир неча бор оломонга қараб бостириб борган. Оқибатда уч нафар талаба жароҳат олган ва улар шифохонага етказилган.

Намойиш вақтида полиция ходимлари 21 нафар кишини ҳибсга олган.

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газлардан фойдаланган.

Аввалроқ, Филиппин президенти Родриго Дутерте, Америка махсус бўлинмалари мамлакатнинг жанубий минтақаларини тарк этиши лозимлиги, чунки улар мазкур ҳудудларда аксилтеррор амалиётлар ўтказишга тўсқинлик қилаётгани ҳақида баёнот берган эди.