АҚШнинг McDonald’s компанияси, Миссури штати жануби-шарқидаги ресторан менежери соқов киши билан суҳбат ўтказишни рад этгани учун 56,5 минг доллар миқдорида жарима тўлайди. Соқов одам иш қидирувчи бўлган, деб хабар қилмоқда Associated Press агентлиги.

Бандликка тенг имкониятлар масалалари бўйича комиссиянинг маълум қилишича, ёш киши 2012 йилда Белтондаги McDonald's ресторанида ишга жойлашиш мақсадида онлайн ариза топширган. У шу пайтгача ошпаз ва ресторан фарроши кабиларда иш тажрибасига эга бўлган. 

Комиссия томонидан берилган аризада айтилишича, ресторан менежери иш қидираётган кишига сурдотаржимон кераклигини билгач, суҳбатни бекор қилган. Бунда, ариза берувчининг синглиси бу хизматни адо этишни таклиф қилганини эътиборга олмаган.