Hamilton вакилларининг ишончи комил: электрик двигателли ҳаво кемалари  -  йўловчи ва спорт авиациясининг келажаги. 

Бир моторли Silence Aircraft Twister  — Швейцариянинг икки компанияси маҳсулидир: қўл соатларини ишлаб чиқарувчи Hamilton компанияси ва Томас Пфамматтер (Air Zermatt қутқарув жамоаси учувчиси) ҳамда параглайдинг бўйича чемпион Доминик Штеффен томонидан асос солинган Hangar 55 лойиҳа бюроси.

Учувчи қурилма тақдимоти 21 сентябрь куни Швейцариянинг Рарон шаҳрида бўлиб ўтган. Тақдимотдан икки кун аввал Hamilton бренди вакили тажрибали авиатор Николя Иванофф уни синовдан ўтказган. 

Бу Швейцариядаги юқори учувчилик маҳоратини намоён этишга қодир илк электрик самолётдир. Унинг ўлчамлари катта эмас: кабинага фақат бир киши сиғади, максимал парвоз массаси (самолёт, ёқилғи, учувчи ва юкхонанинг умумий оғирлиги) – 420 килограмм. Аккумулятор қуввати 160 километрни босиб ўтиш учун етарли. Қурилмага атроф-муҳитга зиён етказмайдиган Siemens двигатели ўрнатилган. Ижобий аэродинамик сифатлар, енгил вазн ҳамда унча қиммат бўлмаган эксплуатация «Twister»ни ажойиб ўқув самолётига айлантиради. 

Hamilton компанияси 1918 йилдаёқ аэронавтика тарихида ўз номини қайд этган: ўшанда бренд Вашингтон ва Нью-Йорк ўртасидаги почта авиарейсларининг расмий хронометристига айланган. 

1930 йилларда Американинг Trans World Airlines, United Airlines ва бошқа компанияларида фаолият юритувчи учувчилар Hamilton соатларини тақиб юришган. 
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Hamilton ўз маҳсулотларининг аъло сифати учун Американинг «E» мукофотига (Excellence in Production) сазовор бўлган. 

Учувчи Николя Иванофф 10 йилдан ортиқ вақт давомида кўп сонли авиацион мусобақалар ва шоуларда иштирок этиб, Hamilton маркасини намойиш қилиб келади.