Туркиянинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Омер Челик агар 2016 йил охиригача Туркия фуқаролари учун Европа Иттифоқига визасиз кириш тартиби киритилмаса, Туркия Европа Иттифоқи билан муҳожирлар бўйича келишувни узишини маълум қилди.  

"Агар йил охиригача визасиз тартиб ўрнатилмаса, у шундоқ ҳам кечикди, унда унинг киритилиши йўққа чиқади", деб вазир британиялик ҳамкасби Алан Дункан билан биргаликда берган матбуот-анжуманида айтган сўзларни Hurriyet Daily News нашри келтирмоқда.

Челикнинг айтишича, Туркия визасиз тартибни олиш учун ўзининг барча мажбуриятларини бажармоқда. Унинг айтишича, Грецияга Туркиядан ҳар куни келаётган муҳожирлар миқдори 20-30 кишигача камайди, ваҳоланки 2015 йилда бу кўрсаткич 7 минг киши бўлган.

Челик давлат тўнтарувига уринишдан кейин ҳали ўзига кела олмаган ва Сурияда ИШИДга қарши кураш олиб бораётган Туркия аксилтеррорчилик қонунларини кўриб чиқмаслигини, чунки бу "Туркия ва Европа хавфсизлигини таҳдидга қўйиш" деганини англатишини айтди. 

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Жан-Клод Юнкер Туркия томондан қаттиққўл аксилтеррорчилик қонунчилигини қайта кўриб чиқмасдан у билан визасиз тартиб киритиш мумкин бўлмаслигини айтган.

Мартда тузилган Европа Иттифоқи билан келишувга кўра, 20 март кунидан бошлаб Грецияга Туркия орқали келаётган ноқонуний муҳожирлар яна Туркияга қайтарилади. Европа Иттифоқи бунинг эвазига Туркиядан суриялик муҳожирларни 1:1 нисбатда қабул қилиш ва Туркия ҳудудидаги қочқинларнинг эҳтиёжларига 6 млрд евро ажратиш мажбуриятини ўз зиммасига олган.