Президентлик бошқарувига ўтишга асос яратадиган Туркия янги Конституциясига бағишланган референдум келаси йилнинг апрел ойида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партияси раисининг ўринбосари Хаяти Язижи баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда таклиф қилинаётган конституция лойиҳасида президентлик тузумига бағишланган 12-15 та пункт мавжуд. Бу масалани парламент январ ойида муҳокама қилади. Депутатлар томонидан маъқулланмайдиган бўлса, у ҳолда апрел ойида референдум бўлиб ўтиши мумкин.

Туркия бош вазири, Адолат ва Тараққиёт партияси раиси Бинали Йилдирим ўтган ҳафтада берган баёнотида ўз партияси парламентга янги конституция лойиҳасини тақдим қилганини айтган эди. Унинг фикрича, парламент конституция лойиҳасини мутлоқ кўп овоз билан (367 овоз) қабул қилиши ёки 330 нафардан кам депутат қўллаб қувватласа, у ҳолда референдумга қўйиши мумкин. Бундан аввал адлия вазири Бекир Боздаг ҳам янги констиуцияга бағишланган референдум 2017 йил давомида, аммо Адолат ва Тараққиёт ҳамда Миллий Ҳаракат партиялари ўзаро келишувга эришгудек бўлса, у ҳолда йил бошида ўтказилиши мумкинлигини айтган эди.

Парламентнинг Конституциявий қонунчилик комиссияси раҳбари Мустафа Шентоп референдум келаси йилнинг баҳор ойларда ўтишини айтди. Адолат ва Тараққиёт партияси 550 ўринли парламентда 317та мандатга эга. Янги конституцияни қабул қилиш учун абсолют кўп овоз ёки 367 та овоз керак бўлади. Референдумга чиқариш учун эса камида 330 нафар депутат қўллаб-қувватлаши керак. Миллий Ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчели лойиҳани қўллаб-қувватлашини айтганидан кейин қонун лойиҳаси устидаги ишлар қизғин тус олди. Таҳлилчиларнинг фикрича, янги конституция лойиҳасида Туркиянинг унитар давлат сифатида сақланиб қолиниши кўзда тутилган.

Мустафа Шентопнинг айтишича, амалдаги парламент тизими ўзининг самарасиз эканини кўрсатган. Бу шу йилнинг 15 июлида бир гуруҳ ҳарбийлар бош кўтарганида яққол кўзга ташланди. Парламент тизимида ижроия ҳокимият иккига бўлиниб қолади. Президентлик тизимида яса бошқарув бир қўлда жамланади. Шентопнинг сўзларига қараганда, янги конституцияда Туркияда бошқарув тизими АҚШникига ўхшаб кетади, аммо бироз фарқлари ҳам бор. Янги конституция лойиҳасига кўра, давлат раҳбари беш йил муддатга сайланади. У иккинчи муддатга ҳам ўз номзодини кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга президент сайлови парламент сайловлари билан бир вақтда ўтказилади. Айни дамда Туркияда парламент сайловлари ҳар тўрт йилда ўтказилади. Сўнгги бор сайловлар ўтган йилнинг ноябрида бўлиб ўтган эди.

Янги Конституция лойиҳасига кўра, президент нафақат давлат раҳбари бўлади, шунингдек вазирларни ўзи тайинлайди. Эндиликда вазирлар ҳозиргидек парлемант депутатлари бўлишлари шарт бўлмайди.

Усмонли империя давридан бери Туркия тарихида бир нечта конституция қабул қилинган.

1876 йилги Конституция Усмонли империя конституцияси эди. 1921 йил 20 январида Туркия Буюк Миллий йиғини Туркия Жумхуриятининг Биринчи Конституциясини ратификация қилди. Иккинчи Конституция 1924 йилда қабул қилинган бўлиб, у 1961 йилгача амалда бўлди. Учинчи Конституция 1961 йилда қабул қилинди. Бу ҳужжат 1982 йилгача амал қилди. Туркия Жумхуриятининг амалдаги (тўртинчи) Конституцияси 1982 йилнинг 7 ноябрида умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган.

Янги – 1982 йилги конституция кучга кирганидан бери бир неча бор таҳрир қилинган. Аммо бирор марта ҳам референдум орқали муҳокама қилинмаган.

Туркия Жумхуриятининг амалдаги Конституцияси преамбула ва еттита қисмдан иборат. Преамбула ва биринчи қисмда мамлакатнинг давлат қурилиши ҳақида сўз юритилади. Иккинчи қисмда фуқороларнинг ҳуқуқлари ва ҳуқуқларнинг кафолатлари баён қилинган. Учинчи қисмида эса Қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятларининг ваколатлари ҳақида сўз юритилади. Фавқулотда ва ҳарбий ҳолат жорий қилиш масалалари ҳам учинчи қисмдан ўрин олган. Тўртинчи қисмда молиявий ва иқтисодий масалалар ўз аксини топган бўлса, бешинчи қисмда 1924-34 йилларда дунёвий давлат тўғрисида қабул қилинган қонунлар акс этган. Олтинчи бўлимда Ҳарбий тузумдан демократик тузимга ўтиш йўлидаги Муваққат ҳолатлар ҳақида сўз юритилади.

Еттинчи бўлим, Конституцияга ўзгартиш киритиш масалаларини ўзида акс эттиради.

Шарофиддин Тўлаганов