Япония компаниялари Навоий ИЭС буғ-газ қурилмасини барпо этади

Иқтисодиёт 20 Октябрь 2016 8850
Фото: nies.uz

Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd. (MHPS) компаниялари «Навоий Иссиқлик электростанция»нинг 450 мВтлик иккинчи аралаш циклли буғ-газ ускунасини қуриб беради. Mitsubishi Corporation баённомасига кўра, «Ўзбекэнерго» АЖ лойиҳани япон компанияларига ишониб топширган. Шу билан бирга, унинг қиймати эълон қилинмаяпти, деб ёзган uzdaily.uz сайти.

MHPS компанияси лойиҳа доирасида буғ-газ ускунасининг асосий таркибий қисмларини етказиб беради. Mitsubishi Corporation эса Туркиянинг Calik Enerji Sanayi ve Ticaret A.S. билан ҳамкорликда бошқа қисмларни етказиш, ташиш, қуриш ва монтаж ишларини бажаради. 

Буғ-газ қурилмасининг қуввати 450 мегаватт электр энергиясини ва 200 Гкал/с иссиқлиқ энергиясини ташкил этади, дейилади компания ахборотномасида. 

Лойиҳа «Япония тараққиётга расмий ёрдами» дастури ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилмоқда. Унинг қурилиши 2019 йилда якунланиши кутилмоқда.

Аввалроқ, лойиҳа қиймати 520 млн долларни ташкил этиши ҳақида хабар қилинган эди. Япониянинг халқаро тараққиёт агентлиги (JICA) 360 млн доллар миқдоридаги заём, Ўзбекистон реконструкция ва ривожланиш жамғармаси 100 млн доллар кредит ажратиши маълум қилинганди. «Ўзбекэнерго» АЖ қолган қисмини ўз маблағлари ҳисобидан қоплаши белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, 2012 йил октябрь ойида Туркиянинг Calik Enerji Sanayi ve Ticaret AS ҳамда Испания Initec халқаро консорциуми Навоий ИЭСда 478 мВтлик буғ-газ ускунасини қуриб фойдаланишга топширган эди. Унинг қиймати 530 млн долларни ташкил этганди. 

Шу билан, бугунги кунда Навоий ИЭСнинг умумий қуввати 1540 мВтни ташкил этмоқда. У бир йилда 7,9 млрд кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради. 

Кўпроқ янгиликлар