Сурияда "гуманитар танаффус" бўйича келишув доирасида Дамашқ шаҳри атрофидаги Муадамия шаҳридан 1710 киши чиқиб, Идлибга йўл олди. РИА Новостининг шаҳардаги манбасига асосланиб хабар қилишича, улар қуролсиз ҳамда ярадор 800 нафар жангари ҳамда уларнинг оилаларидир.

Дамашқнинг жануби-шарқидаги бу шаҳар Сурия армияси қамалида қолган. Шаҳар маъмурияти ҳукумат вакиллари билан ўт очишни вақтинчалик тўхтатиш бўйича келишувга эришганди.

"Муадамиядан жангариларни олиб чиқиш жараёни бугун якунланди. Шаҳардан жами 1710 киши чиқиб кетди, шундан 800 нафари жангарилар. Шунингдек, 395 аёл ҳамда 515 нафар бола", деган манба.

Шаҳар полицияси маълумотига кўра, кейинги 2 кун давомида шаҳарда осойишталик ҳукм суриб, давлат муассасалари ходимлари одатий ишларига киришади.

Бундан олдинроқ, Дамашқ яқинидаги бошқа бир шаҳарда, Дарайяда ва Ҳомс шаҳрининг шимолида ярадор ва қуролсиз жангариларнинг ҳудудларни тарк этишига йўл қўйилганди.

Шунингдек, Ҳалабнинг шарқий кварталларидан қуролсиз жангариларнинг илк гуруҳлари чиқиши кузатилган.