АҚШ президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган телебаҳсларда Россияни Америка фуқароларига нисбатан жосусликда айблади. У Дональд Трамп билан ўтказган мунозараларида шундай айблов билан чиқди, деб хабар қилмоқда Аssociated Press агентлиги. 

«Россия ҳукумати америкаликларга нисбатан айғоқчилик билан шуғулланаяпти. Улар Америка сайтлари, жисмоний шахслар аккаунтлари ва институтларининг саҳифаларини бузишди. Шундан кейин улар бу маълумотларни интернетда эълон қилиш учун WikiLeaks сайтига тақдим этишди», — деган Клинтон.

Унинг фикрича, бу Россия олий раҳбарияти, хусусан президент Владимир Путиннинг шахсий кўрсатмаси билан амалга оширилган. Клинтон хонимнинг айтишича, буларнинг барчаси Қўшма Штатлардаги сайловларга таъсир кўрсатиш мақсадида қилинган. Бунда, Клинтон хоним баёнотига кўра, расмий Москванинг АҚШ президентлик сайловида фаворити бор — у ҳам бўлса Трампдир. Миллиардер эса, Россиядан ёрдам олишда давом этмоқда.