Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерика Могерини Россияга ҳалоллик ва мулоқотга асосланган янгича ёндашув тақдим қилади. У бу ҳақда 20 октябрда Европа Иттифоқининг Брюсселдаги саммитига келгандан кейин айтди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

Могеринининг айтишича, Суриядаги вазият туфайли Россияга қўйилган санкциялар 20-21 октябрда Бельгия пойтахтида бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи етакчилари учрашувида муҳокама қилинадиган мавзу бўлмайди.   

"Бугун Европа Иттифоқи, биринчи навбатда, зудлик билан Ҳалабга гуманитар ёрдам етказиш, одамларнинг ҳаётини қутқариш устида ишламоқда ва дипломатик каналлар иложи борича ярашувни узоқроқ давом эттириш ҳамда ихтилофни ҳал қилиш йўлларини қидириш учун сиёсий имкониятларни яратишга интилмоқда", деб айтди Могерини.

Айни вақтда Bloomberg ушбу учрашувнинг резолюция лойиҳасига иқтибос келтирган ҳолда, ҳужжатда Суриядаги вазият сабабли Россияга қарши санкциялар киритилиши ёдга олинганини маълум қилди.   

Швеция бош вазири Стефан Левеннинг айтишича, Европа Иттифоқида Россияга нисбатан санкциялар киритиш борасида якдиллик йўқ.